Рубрики
.

Халқаро математика мактаби ўқув жараёнини самарали ташкил қилиш

Халқаро математика мактаби ўқув жараёнини самарали ташкил қилишда қуйидаги асосий мезонларга таянади:

Қабул жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтказилиши иқтидорли ўқувчиларни саралашнинг энг асосий шартидир. Ушбу жараёнга ҳеч ким таъсир ўтказмаслиги ва аралашмаслигини таъминлаган мактаблар келгусида муваффақиятга эришади.

Қоракўл мактаби моделидаги мактаб Сирдарёда очилаётганда вилоят ҳоким Халқаро мактаб раҳбариятини чақирганда, ушбу мактабнинг муваффақиятли бўлишига асосий сабаб саралаш эканлиги тушунтирилди. Бунинг учун вилоят ҳокими қабул комиссиясининг раиси бўлиб, ҳар қандай саралашга аралашувни олдини олишда хизмат қилиш тушунтирилди.

Халқаро математика мактабига қабул жараёнлари 5 босқичда ташкил этилади. 1-4-босқичлари математика фанидан ёзма иш шаклида ўтказилади.          1-босқичда 5 та мисол ва масала, 2-босқичда 6 та мисол ва масала, 3-босқичда          7 та мисол ва масала, 4-босқичда эса 8 та мисол ва масала берилиб, ҳар бир масалага бир баллдан қўйилади. Бунда ўқувчи топпшириқни тўлиқ бажарган бўлсагина бир балл берилади, акс ҳолда балл берилмайди.

Ушбу жараёнда паст натижа олган ўқувчиларнинг аксарияти ўз ихтиёрлари билан кейинги босқичда иштирок этмайдилар. Хоҳловчилар сони одатда минг нафардан ошиб кетади.

Саралашнинг 5-босқичини Давлат тест маркази томонидан иқтисод синфига математика ва инглиз тили , техника ва тиббиёт синфига математика ва она тилидан тест шаклидаги синовлар ўтказилади. Буларда 20 та математика, инглиз тилидан 10та тест саволлари, техника ва тиббиёт синфида эса, 20 та математика 10 та она тилидан тест саволлари берилади.

Саралаш жараёнининг 1-, ва 2- босқичида кириш истагини билдирган ўқувчилар тўлиқ қатнашадилар. 3-босқичда умумий номзодларнинг жами сонидан 50% 4-босқичга қамраб олинади. 4-босқичда эса, 3-босқичда сараланиб олинган ўқувчиларнинг 50% сараланиб олиниб, 5-босқичда иштирок этади.         5-босқич ДТМнинг саралаш босқичи тест саволлари берилади.

1-4-босқич саволлари мактаб ўқитувчилари томонидан дасликлар асосида синов ўтадиган куннинг ўзида тайёрланади. Саволларни ва вариантларни тайёрлаш эрта саҳар соат 5дан бошланади. Саволларни тайёрлаган ўқитувчилар саволлар тарқатилгунга қадар алоҳида хонадан чиқишмайди. Ушбу ўқитувчилар одатда ўқувчи тайёрламаган ёки репититорлик қилмаган ўқитувчилардан танланади.

Ушбу жараёнлар ҳар ўқув йилининг октябрь ойидан бошланиб 6-синф ўқувчилари филтрлаб борилади бу ҳар икки ойда ҳафтанинг дам олиш кунлари синов имтиҳонлари сифатида ташкил этиб борилади.

2. Кадрлар салоҳиятини доимий ошириб бориш.

Илмлилик, фидойилик, болажонлик,  масъулиятликлик.

Таълим муассасасига фидоий, билимли, масъулиятли ҳамда ватанпарвар ўқитувчиларни синов асосида танлаб олиш йўлга қўйилган.

Ушбу мактабнинг деярли 60% ўқитувчиси шу мактабнинг битирувчилари ҳисобланади. Ўқитувчиларни ўз устида ишлашини йўлга қўйиш ҳамда имконият яратиб бериш муҳим. Билими бор, лекин ҳали тажрибаси бўлмаган ўқитувчилар тарбияланади, ўсишига кўмаклашилади.

Ўқитувчилар орасида соғлом рақобат рағбатлантирилади, уларнинг рейтинги юритилади ва педагогик кенгашда таҳлил қилинади. Ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш амалиёти мавжуд.

Ҳар бир фан ўқитувчилари ўзаро дарсларни кузатиб, таҳлил қилиб борадилар, ша аснода устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган.

Фан ўқитувчиларининг доимий равишда битта синф билан ишлаши йўлга қўйилган, жумладан математика фани ўқитувчиси битта синфнинг математика фани бўйича эгаллаган билим самарадорлигига тўлиқ жавобгар қилинади. Шу ўқитувчининг ўзи кун узайтирилган гуруҳларда ҳам қўшимча машғулотларни олиб боради.  Шунингдек шу синфнинг раҳбари сифатида ҳам фаолият юритади.

Мактаб ўқитувчиларининг гендер бўйича бўлиниши деярли тенг бўлиб, эркак ўқитувчилар 60%ни ташкил қилади.

Биринчи ва олий тоифали ўқитувчилар мактабда 85%ни ташкил қилади.

Чет тили фани ўқитувчиларини барчасида сертификатлари мавжуд.

Ҳар бир ўқитувчи ўз дарсига киришдан олдин албатта ушбу мавзуга оид мавзуни мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча янгиликлар билан киради. Мисол учун математика фанидан қўшимча адабиётлардан олинган мисол ва масалалардан фойдаланадилар. Мактабнинг ҳар бир фан ўқитувчиси ўз мутахассислиги бўйича етарли билим даражасига эга.

3. Ҳар бир ўқувчи олий таълим муассасаларига кириши учун тайёрлаб борилиши.

Иқтидорли ўқувчилар билан қўшимча ишлай олиши учун математика ўқитувчиларига бир синфдаги математика дарси тўлиқ берилади. Шу йўсинда, ўқитувчи ўқувчилар билан индивидуал ишлаши учун имконият яратилади. Ҳар ким ўз синфи учун масъулиятини ва жавобгарлигини олади. 7-синфдан қабул қилади ва 11-синфни битиргунга қадар шу синфнинг масъулияти юклатилган.

Мактабда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мактаб директори, барча ўқитувчилар, ишчи хизматчилар ва мактаб ўқувчилари иштирокида мулоқот ўтказилади. Мулоқотда мактаб ўқувчиларининг ўзлаштириш даражаси, давомат тахлили, ўқувчиларнинг тартиб интизоми, дарсларга иштироки, кийиниш маданияти, одоб ахлоқ қоидаларига амал қилиши, эришилган ютуқлар, мактаб бўйича синф рейтинги эълон қилинади. Энг яхши синф тозалиги, тартиби, китобхонлик маданияти, билими, одоби ва бошқа параметрлари таҳлил қилиниб, энг юқори кўрсаткичга эга синфга “Нишон” тақдим этилади.

Шунингдек, ихтисослашган фандан паст баҳо олган ўқувчилар ҳаммани олдига чиқарилади, сабаби ўрганилади, агар ушбу ҳолат давом этса, 3-мулоқот йиғилишида ўқувчининг ота-онаси чақиртирилади ҳамда ўзлаштириши бўйича қўшимча муддат белгилаб берилади.

Шу билан бирга, юқори натижаларга эришган ўқувчилар (эришган натижасига қараб, вилоят, республика ва халқаро) алоҳида мактабнинг махсус ҳисоб рақамидан бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ва мотивация берилади.

Ўқувчиларни олий таълимга қамраб олишда уларнинг билим салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри йўналиш бериш 7-синфдан бошланади ва бу жараён 11-синфга қадар давом этиб борилади.

Ўқувчи 11-синфга борганида ва уни тугатаётганда ўқувчининг билим салоҳияти даражасига мувофиқ мутахассис ўқитувчилар томонидан ўқувчи ва унинг ота-онасига олий таьлим муассасалари тавсия қилинади хамда йўналиш берилади. Агар ўқувчи танлаган олий ўқув юртига кириш баллари юқори бўлиб, ўқувчининг билими шунга мувофиқ бўлмаса, унга ва ота-онасига ўқитувчи томонидан қатъий фикр айтилади.

Битирувчи синф ўқувчиларининг ота-оналари билан йил якунлари 3- ва 4-чорак давомида ҳар ой ўқувчиларнинг натижалари ота-оналар билан муҳокама қилиб борилади.

Шуннингдек, ўқув йили якунлангандан сўнг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошлангунга қадар фан ўқитувчилари мунтазам равишда ўқувчилар билан машғулотлар олиб борадилар.

4. Халқаро фан олимпиадалари жараёнларига доимий тайёргарлик кўриб бориш.

Халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар мактабнинг бошқа ўқувчилари билан ўз тажрибаларини алмашадилар ва ўз кечинмалари ҳақида, олимпиадада тушган топшириқлар ҳақида гапириб беришади. Улар иштирокида ўқув курслар ташкил этилади.

Доимий равишда ички олимпидалар ташкил этилган бўлиб, халқаро олимпиадаларга мактаб ўқувчилари орасидан саралаб олинади. Ички олимпидалар жараёнларида ҳар бир фан йўналишлари бўйича масъул ходим бириктирилган.

Халқаро олимпиадаларга тайёргарлик кўриш мақсадида ўқитувчилар ўзлари чет эл ва хориж адабиётларини ўзлари таржима қилишади ва улар асосида ўқувчиларини тайёрлаб боришади.

Халқаро олимпиадаларга тайёргарлик кўриш жараёнида мактабда математика фани ўқитувчилари ўртасида бир-бирларига дарс ўтиш жараёнлари ташкил қилинган. Бунда халқаро математика олимпиадасидаги
6 та топшириқ бериладиган йўналишлар бўйича масалалар гуруҳларга бўлиниб ўқитувчилар томонидан ўрганилади ва ечимлар устида ишланади. Шундан сўнг,  ушбу масалалар ўқувчиларга тўлиқ етказиб берилади ва улар асосида ўргатилади. Бу ишлар мунтазам равишда юритилади.

Мактабда нафақат математика фани, балки физика, кимё ва биология фанлари бўйича ҳам хорижий давлатларда ўтказилган олимпиада саволлари ўқитувчиларнинг ўзлари томонидан таржима қилиниб, ўқувчилар ўртасида доимий олимпиадалар ташкил қилинади.

5. Доимий равишда мониторинг ўтказиш ҳамда рейтинг натижаларни эълон қилиб бориш.

Ўқувчи ва ўқитувчилар орасида рақобатни шакллантириш муҳим. Ихтисослаштирилган фанлардан ҳар чоракда икки марта, умумтаълим фанларидан ўтилган мавзулар бўйича блок тестлари олинади. Ушбу блок тестлар натижаси бўйича ўқувчи ва ўқитувчиларнинг рейтинг натижалари эълон қилинади.

Бу натижалар ҳар чорак якуни билан ҳафта давомида синфлар кесимида ота-оналар йиғилишида муҳокама қилинади. Муҳокама жараёнида ўқувчиларнинг эришган натижалари фан ўқитувчилари томонидан тўлиқ таҳлил қилиб берилади ҳамда ўқувчининг ижобий ёки салбий томонлари ота-онасига эълон қилинади. Бунинг натижасида таълим муассасаси, ўқувчи ва унинг ота-онаси билан бевосита ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Блок тестлар ҳам ўқитувчи томонидан, ҳам ихтисослаштирилган фанлар бўйича директор ўринбосари томонидан олинади. Бу тест натижалари таққосланиб, рейтинг чиқарилади. Ўқитувчи тоомнидан олинган блок тест натижаларига кўпроқ эътибор берилади.

6. Одоб-ахлоқ ва тарбия масалаларига эътибор.

Ўқувчиларни таълим муассасасида мобил телфондан фойдаланишни қатъий тақиқланган.

Ўқувчиларда оддий саломлашишдан тортиб катталарга ҳурмат, устоз эҳтиром кичикларга иззатда бўлиши ҳар бир ўқувчининг бурчи эканлиги ўргатиб борилади.

Синф раҳбарлари ва тарбиячилар тарбиявий ишларни олиб бориши йўлга қўйилган.

Ҳар бир ўқувчининг ота-онаси билан доимий алоқа ўрнатиб бориш. Ота оналар билан ишлашда доимий равишда алоқа ўрнатилган бўлиб доимий равишда ўқувчининг тарбияси ва билим даражаси алоҳида муҳокама қилиниб борилади. Ҳар бир ота-онага ўзи хохлаган вақтда келиб ўқитувчиларнинг дарс фаолиятлари кузатиб боришлари йўлга қўйилган.

7. Дарсдан ташқари фан тўгараги ва кун узайтирилган гуруҳлар фаолияти.

 Дарс машғулотлари жараёни якунлангандан сўнг кун узайтирилган гуруҳлар ташкил этилган, ушбу гуруҳлар мутахассислиги бўйича ўқитувчиларга фанлари бўйича тақсимлаб берилган.

Мисол учун иқтисодиёт йўналиши ҳафтанинг икки кунида математика,             икки кунида инглиз тили ва бир кун она тили фанлари ўқитилади. Ушбу куни узайтирилган гуруҳлардан ташқари фан ўқитувчилари белгиланган соатлардан ташқари қўшимча равишда ҳафтанинг икки кунида ишлайдилар. Бунда ўқитувчи қўшимча равишда ишлашнинг сабаби ўз синфининг ўқувчилар рейтинги ошириш ҳамда ушбу фан йўналиши бўйича бажарилмай қолган топшириқларни якунлаш ҳамда ўтилган мавзулар бўйича мустаҳкамлаш жараёни амалга оширадилар. Ушбу куни узайтирилган гуруҳларда ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилган.

Ундан ташқари ўқувчиларнинг ҳам дарс машғулотларидан сўнг ўзларига ўзлари ўзоро дарс ўтиш ва мавзуларни мутоала қилиш йўлга яхши қўйилган. Ўтилган дарсларни ўзаро муҳокама қилиши фанга бўлган қизишини оширишда хизмат қилади.

8. Ўқитувчиларнинг ўз касбига ва ишига фидойилиги ҳамда меҳнаткашлиги, жамоанинг таркибининг ёшлиги.

Жамоада мактаб директорининг лидерлик қилиши, жамоада мактаб директори томонидан берилган топшириқлар ўқитувчилар томонидан масуълият билан ёндашиб бажарилиши, жамоада соғлом муҳит  ҳукм суради. Меҳнат-интизоми намунали йўлга қўйилган.

Ҳар бир ўқувчининг психологияси ўрганилиб унга ижобий таъсир қилиш чоралари кўрилган. Шунингдек, мактаб директори ва мактабдаги синф сардорлари билан ёпиқ эшик ортида йиғилишлар ташкил қилинган.

Мактаб ўқитувчилари ҳар бир синф ўқувчилари билан индивидуал ишлайди. Мактаб раҳбари ва синф раҳбарлари ҳамкорликда синфларда синф сардорини қобилияти, ватанпарлиги, рахбарлик салоҳияти, билими, озодалиги, тарбиясига катта аҳамият берган ҳолда ўқувчини синф сардорлигига тайинлайдилар. Синф сардори синфнинг “Президенти” деб аталади. Сабаби ўша сардор синфдаги ҳар бир ўқувчининг муаммосини, фанларни ўзлаштириш даражасини бирма-бир таҳлил қилади.

Синфда доим ўқитувчи бўлмаслиги мумкин, ўқувчи ўз муаммоларини тўғридан тўғри ўқитувчига айтолмаслиги мумкин, қобилиятини намоён қила олмаслиги мумкин шундай вазиятда унга синф сардори ҳам сирдош, дилкаш ўртоқ сифатида унинг ички кечинмаларини эшита олади. Ечимини топа олмаган тақдирда синф раҳбарига мактаб психологи ёшлар иттифоқи етакчиси орқали ҳал қилиши мумкин. Агарда ечолмаган муаммолари бўладиган бўлса ҳамма ишини бир тарафга суриб ўша ўқувчининг муаммолари билан ҳар бир ўқитувчи шуғулланади ва албатта ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилинади.

Халқаро мактабда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни синф сардорлари йиғилиши мунтазам равишда олиб борилади. Сардорлар йиғилишида бўш ўзлаштираётган ўқувчилар, дарсга ўз вақтида кирмаётган ўқитувчилар ёки ўқувчилар, дарс жараёнлари ўқувчи давомати доимий 100% бўлиши, ўзлаштириш даражаси, ўқитувчилар дарс вақтида телефон орқали гаплашиши ёки дарс жараёнидан бошқа ишлар билан шуғулланиши дарсдан ташқари ишлари билан шуғулланаётганлиги, дарс жараёнларида ўқувчиларнинг ўзини тутиши, ўқитувчиларнинг берган топшириқларини бажармаётган ўқувчилар, ўқувчиларни қониқтирмайдиган ўқитувчилар ҳақида ва бошқа муаммолар ҳақида эркин сухбат олиб борилади.

Ҳар бир синф сардорларига ушбу ҳолатларни қайд қилиб бориши ва сардорлар йиғилишида таҳлил қилиш учун алоҳида дафтар ташкил қилинган.

Мисол учун мактаб директори фан ўқитувчиларининг дарс жараёнлари вақтида ўқитувчини синаш учун ўз телефон ррақамидан ёки бошқа телефон рақамидан телефон қилиши фан ўқитувчиси дарс жараёнида телефонда суҳбатлашган бўлса дафтарга қайд қилиб директор томонидан ўша фан ўқитувчиси директор олди йиғиилишида муҳокама қилинади.

9. Ота-оналар йиғилиши.

Халқаро математика мактабида ҳар чорак якуни бўйича синфлар кесимида ота-оналар йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб борилади. Бунда оила-мактаб ҳамкорлиги энг устувор вазифа сифатида амалга оширилади. Йиғилишда ўзлаштириш пасайган, дангасалик қилиб ўқитувчилар томонидан берилган вазифаларни бажармаётган ёки лозим даражада бажармаган ўқувчиларнинг ота-онаси билан бирга таҳлил қилиб борилади. Ҳар ойда ўтказилган блок тестлар натижалари бирма бир таҳлил қилинади. Юқори натижаларга эришаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилади. Ўзлаштириши пасайган ёки ўзлаштира олмаётган ёки тарбияси оғир ўқувчиларга шартли равишда муддатли вақт белгиланади. Агар берилган муддатларда ўзлаштиришни ўз тенгдошларига етказа олмаса тарбиясида ўзгариш қилмаётган ўқувчилар бўлса, ота-онасининг аризаси асосида Халқаро математика мактаби ўқувчилар сафидан четлаштирилади.

Рағбатлантириладиган ўқувчилар бўлганда, ота-оналар мажлисига чақириб, фарзанди билан отаси ёки онасинига ташаккур айтилади ва натижалари ҳақида хабар берилади.

Янгиликларни ва натижаларни ва рейтингларни телеграм гуруҳ орқали хабар бериб борилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *